БОШ ПУДРАТ ТАШКИЛОТИНИ ТАНЛАБ ОЛИШ БЎЙИЧА ЭЪЛОН

09.06.26

Буюртмачи: “Bukhara Forum Center” МЧЖ
Лойиҳа жойлашган ҳудуд: Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри.

Буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПҚ-202-сонли қарорига асосан Бухоро шаҳридаги “Боқий Бухоро” маданий-этнографик парки ҳудудидан танланган ер участкасида “Конгресс-холл мажмуаси” объектини қурилишни “калити билан” (turnkey) шарти асосида барпо қилиш, шу жумладан лойиҳалаштириш, материаллар, асбоб-ускуналар ва жиҳозларни харид қилиш, объектни қуриш ва фойдаланишга топшириш мақсадида малакали ва молиявий барқарор бош пудрат ташкилотини танлаш бўйича очиқ танлов эълон қилинади.

 

1. Лойиҳанинг дастлабки тавсифи.

Лойиҳа доирасида қуйидаги объект қурилишини “калити билан” (turnkey) шарти асосида топшириш назарда тутилади:

  • Конгресс-холл мажмуаси – 1 қават, шунингдек, техник ярим ертўла;
  • Ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланиш, шунингдек, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш.
  • Ер участкасининг умумий майдони – 3,56 гектар;
  • Қурилиш майдони: тахминан 1,3 гектар;
  • Умумий майдони: тахминан 15,0 минг кв.м.

Бош пудрат ташкилоти қуйидагилар учун тўлиқ жавобгар бўлади:

  • Лойиҳа-смета ва ишчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
  • Экспертиза ва барча рухсат этувчи ҳужжатларни олиш;
  • Материаллар ва жиҳозларни етказиб бериш;
  • Қурилиш-монтаж ишларини бажариш;
  • Синов ва ишга тушириш ишлари;
  • Объектни фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолда топшириш.

2. Тижорат таклифи бўйича талаб

Қурилиш-монтаж ишлари лойиҳа-смета хужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда бошланиши назарда тутилганлиги муносабати билан тижорат таклифида:

  • назорат ўлчови натижаларига мувофиқ аниқланадиган объект умумий қийматидан фоиз кўринишида таклиф этиладиган чегирма миқдори;
  • объект фойдаланишга қабул қилингандан кейин тўланадиган тўлов суммаси
    (фоизда, кафолат муддати тугагандан кейинги тўланадиган тўловдан ташқари);
  • объект бўйича кафолат муддатлари кўрсатилиши лозим. 

3. Малака талаблари

Иштирокчилар қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:

  • Корхона тўғрисида умумий маълумотлар, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, таъсис ҳужжатлари, шунингдек, лицензия ва сертификатларнинг тегишли имзо ва муҳр билан тасдиқланган нусхалари;
  • Пудратчи сифатида Ҳукуматнинг тегишли қарор ва топшириқларига асосан замонавий конгресс-холл ва шунга ўхшаш (кўлами ва мураккаблиги бўйича таққосланадиган) объектларни барпо этиш бўйича иш тажрибаси тўғрисида тасдиқловчи маълумот;
  • Ишчанлик обрўсини тасдиқловчи ҳужжатлар (рейтинглар, сертификатлар, гувоҳномалар, ёрлиқлар, мукофотлар, совринлар, унвонлар ва ҳ.к.);
  • Сўнгги 3 йиллик молиявий ҳисобот, шунингдек, камида 500 млрд. сўмлик ҳисобварақлар бўйича айланмаларни тасдиқловчи банк маълумотномаси;
  • Корхона штатида шаҳарсозлик соҳасида олий маълумот тўғрисидаги дипломи бўлган, камида беш йил иш стажига эга малакали мутахассислар мавжудлигини тасдиқловчи маълумотлар;
  • Барча ишларни бажариш учун зарур бўлган машина ва механизмларнинг мавжудлигини тасдиқловчи маълумотлар;
  • Объектда қурилиш ишларини якунлаш муддатлари ва тасдиқланган календарь жадвалларга риоя қилиш тўғрисидаги кафолат хати;
  • Корхонанинг қайта ташкил этиш (бўлиниш, қўшилиш), тугатиш ёки банкротлик босқичида эмаслиги, шунингдек, “Ўзмиллийбанк” АЖ ва унинг қуйи ташкилотлари билан суд ёки ҳакамлик муҳокамаси ҳолатида эмаслиги, шунингдек, мол-мулк хатланмаганлиги ва илгари тузилган шартномалар бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилганлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи кафолат хати;
  • Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича баёнот;
  • Корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги солиқ маълумотномаси.

4. Баҳолаш мезонлари.

Tаклифлар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

  • назорат ўлчови натижаларига мувофиқ аниқланадиган объект умумий қийматидан фоиз кўринишида таклиф этиладиган чегирма;
  • объект давлат кабул хайъати томонидан фойдаланишга қабул қилингандан кейин тўланадиган тўлов суммаси (фоизда, кафолат муддати тугагандан кейинги тўланадиган тўловдан ташқари);
  • Ҳукуматнинг тегишли қарор ва топшириқларига асосан замонавий конгресс-холл
    ва шунга ўхшаш (кўлами ва мураккаблиги бўйича таққосланадиган) объектларни,
    шу жумладан “фойдаланишга тайёр ҳолда” топшириш шартлари асосида барпо этиш бўйича тажрибаси ва амалга оширилган лойиҳалар;
  • лойиҳани амалга ошириш муддати;
  • объект бўйича кафолат муддати;
  • молиявий барқарорлик ва рейтинг;
  • баҳолаш усули: техник топшириққа мос келадиган, тегишли тажрибага эга, объект қиймати бўйича энг кўп фоизда чегирма берилган, объект фойдаланишга қабул қилингандан кейин тўланадиган энг кўп тўлов суммаси, лойиҳани амалга оширишнинг энг қисқа муддати кўрсатилган, энг кўп кафолат муддати кўрсатилган, молиявий барқарор ва юқори рейтинг кўрсаткичларига эга талабгор таклифи энг яхши деб эътироф этилади.

Буюртмачи ҳар қандай таклифни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

5. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати

Таклифлар 2026 йил “19” июнь, соат 12-00 гача қабул қилинади.

Таклифлар ёзма равишда расмийлаштирилиши, муҳр ва корхона раҳбарининг имзоси билан тасдиқланиши керак.

Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри, Алишер Навоий МФЙ, Ислом Каримов кўчаси 31-уй;

Электрон почта: sobirovfitrat80@gmail.com;

Алоқа телефони: +998937339996 Фитрат Собиров.